World Football News

Сурия термаси Ўзбекистонга қарши жиддий тайёргарлик кўради ва Малайзияга эртароқ боради

Яхши биласиз, шу йилнинг 23 март куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси Малайзия давлатида Сурияга қарши ЖЧ-2018 мусобақасининг Осиё қитъаси 3-саралаш босқичида майдонга тушади.

Инглиз тилида чоп этиладиган Сурия матбуотидан олинган хабарларга қараганда, мамлакат бош жамоаси Ўзбекистонга қарши жуда жиддий тайёргарлик кўришни режалаштирмоқда. 

Бош мураббий Аймон ал-Ҳаким Сурия футбол федерациси президенти Салоҳ Рамадондан терма жамоани эртароқ Малайзияга юборишини сўраган ва бунга ижобий жавобни олган.

Аниқроғи, Сурия термаси Куала-Лумпур шаҳрига биздан анча эртароқ етиб боради ва у ерда маҳаллий клублардан бири билан ўртоқлик учрашувини ўтказади. Иқлимга мослашиш, ўйин услубини шакллантириш, рақибни ўрганиш ва тактик кўрсатмаларни ўзлаштириш Сурия термасининг Малайзиядаги бош мақсадига айланади. 

Ўзбекистонга қарши ўйин улар учун муҳим аҳамият касб этиши ҳамда ижобий натижага эришиш учун бор кучларини бериб ўйнашлари ҳақида маълумотга эгамиз.

Ҳатто, миллий чемпионат ўйинлари эртароқ якунлашини кўзда тутилмоқда. Сурияликлар Эроннинг "Нафт Теҳрон" жамоаси дарвозабони Иброҳим Алмадан кўп нарсани кутишмоқда. Умуман, Сурия термаси 3-саралашнинг иккинчи даврасида юқори ўринларни кўзламоқда. 

Ўз навбатида биз ҳам сергак тортиб, миллий термамизнинг тайёргарлик ишларини ўз вақтида олиб боришимиз керак.

Энди бу ҳақида кўпроқ ёзаверамиз, зеро буёғига вақт оз қолмоқда. Март ойида Ўзбекистон термасини иккита бир-биридан муҳим ўйинлар кутмоқда. 

Ишонамизки, шу ўйинлардан олти очкони жамғариб оламиз. Бошқача бўлиши мумкин эмас.


ОЧЛ–2017. «Бунёдкор» – «Зоб Аҳан» учрашуви қатарлик ҳакамларга топширилди

Осиё Чемпионлар Лигаси–2017 турнири “С” гуруҳи 3-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Зоб Аҳан” (Эрон) учрашувига қатарлик Фаҳад Жаббор Ал Марри бош ҳакам этиб тайинланди.

Унга қанотларда ҳамюртлари Юсуф Ориф Ал Шамари ва Жума Муҳаммад Ал Буршаид кўмаклашади. Захира ҳаками вазифаси уммонлик Ёқуб Саид Абдуллоҳ Абдул Боқига юклатилди.

Учрашув комиссари бўлиб мальдивлик Аҳмад Шаҳир ишлайди. Ҳакамлар назоратчиси этиб БААлик Али Ҳамад Маҳдад Саиф Албедвави тайинланди.

“Бунёдкор” ва “Зоб Аҳан” ўртасидаги ўйин 13 март куни Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтади. Ўйин Тошкент вақти билан 18:00 да бошланиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, ОЧЛ–2017 “С гуруҳи 2-туридан ўрин олган “Бунёдкор” – “Ал-Айн” учрашувини Жарред Жиллетт бошчилигидаги австралиялик ҳакам гуруҳи бошқариб боради. 

«Бунёдкор» Саудияда «Ал-Аҳли»га енгилди ва ОЧЛни мағлубият билан бошлади

Саудия Арабистонининг Жидда шаҳридаги "King Abdullah Sports City" стадионида Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқич 1-туридан ўрин олган "Ал-Аҳли" ҳамда "Бунёдкор" клублари ўртасидаги учрашув ўз ниҳоясига етди.

Учрашувнинг 13-дақиқасида Умар Ал Сома ҳимоячимизнинг хатосидан сўнг мезбонларни ҳисобда олдинга олиб чиқди. Шундан сўнг ҳамюртларимизда бир нечта хавфли вазиятлар бўлди, бироқ омад "қалдирғочлар"га кулиб боқмади.

Ўйиннинг 53-дақиқасида Салмон Мувашар орадаги фарқни иккита голга етказди. Шу тариқа "Бунёдкор" ОЧЛдаги илк ўйинни мағлубият билан бошлади.

ОЧЛ-2017. 1-тур
"Ал-Аҳли" –"Бунёдкор"  2:0
Голлар: 
Ал Сома 13, - 1:0, Мувашар 53, - 2:0.

"Ал-Аҳли":  Ал Мусайлим, Мувашар, Ал Жассим, Ал Сома (Асири, 90+3), Фетфатцидис (Ал Бассас, 70), Абдулшафи, Ал Муваллад, Ҳавсави, Рубаие, Тавфиқ (Ал Моқаҳви, 77), Абдуламир
 
"Бунёдкор": Зуҳуров, Ашурматов, Комилов, Мичич, Иброҳимов, Нурматов (Чемиртан, 55), Шомуродов, Ҳамдамов, Тўхтасинов (Эсонқулов, 71), Аҳмадалиев, Шукуров (Саноев, 61)

Огоҳлантиришлар: Аҳмадалиев 65, Ал Бассас 82, Иброҳимов 90(+1)

Иско «Барселона»га ўтиши мумкин

«Реал» клуби ярим ҳимоячиси Иско мадридликларнинг ашаддий рақиби бўлган «Барселона»га ўтиб кетиши мумкин. Каталонияликлар Искога жиддий қизиқиш билдиришмоқда.

Хабар қилинишича, «Барселона» ярим ҳимоячини «Малага»да ўйнаган вақтлардаёқ кузатиб борган. Иско 2013 йилда «Реал»га ўтиб кетган эди. Бироқ «Барселона» Искога қизиқиш билдираётган ягона клуб эмас. Ярим ҳимоячини шунингдек «Ювентус», «Челси» ва «Манчестер Сити» клублари ҳам сотиб олиш истагини билдирган.

Бироз вақт муқаддам Иско ёзда бошқа жамоага кетишни исташи хабар қилинган эди. Жорий мавсумда футболчи Испания чемпионатида 17 та ўйинда майдонга тушган ва 5 та гол уриб, 4 та голли узатмани амалга оширган. Унинг амалдаги шартномаси 2018 йилнинг ёзига қадар давом этиши лозим.